Ёшлар учун кенг имконият
“Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка кенг йўналтириш бўйича 100 та бепул курс. Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази томонидан “Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури доирасида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги 669-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, ёшларни тадбиркорликка кенг йўналтириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган 18 та олийгоҳлар базасида “пилот” тариқасида махсус курсларни ташкил этмоқда.
Курсларга мазкур олийгоҳларнинг 2-4-босқич талабаларини асосий ўқишдан бўш пайтида қамраб олган ҳолда, ўқув ҳажмини 50% - аудитория дарслари ва мастер-класслар, 50% - онлайн курс тарзида ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, курсларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда жойлардаги уюшмаган ёшларни, маҳаллалар аҳолисини кенг жалб қилиш кўзда тутилган.
2018 йилнинг 15 сентябрь – 15 декабрь кунлари оралиғида жами 100 та шундай курсларни (ҳар бир курсда 50 кишигача қатнашади) ўтказишга келишиб олинди. Курслар тингловчилар учун бепул ташкил қилинади ва якуни бўйича махсус сертификатлар топширилади.
Мазкур соҳада ишларни самарали ташкил қилиш учун Марказ ва “Норма” профессионал ривожлантириш маркази НТМ ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унга кўра, биринчи босқичда аҳоли ва тадбиркорлар, жумладан уюшмаган ёшлар учун www.direktor.uz (www.biznes.uz) портали воситасида молиявий саводхонлик бўйича “он-лайн” тарздаги курслар ташкил этилади.
Маълумот учун: Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2897-сонли Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 августдаги 602-сонли “Тадбиркорлар учун ўқув-курслари ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган.
Бугунги кунда Марказ томонидан республиканинг барча туманларидаги аҳоли ва тадбиркорлар учун, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган регламент асосида, 22 академик соатдан иборат ўқув-курслари ташкил қилиб келинмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг I-ярим йиллигида ҳудудларда жами 308 та бепул ўқув-курслари ташкил этилган, уларда 5 496 тадбиркорлик субъекти вакиллари ва аҳоли бепул ўқитилган ва тегишли тартибда марказ сертификатлари билан тақдирланганлар.
Ўқувлардан кейинги кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг I-ярим йиллигида таҳсил олган тингловчилардан 467 нафари тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, 221 нафар тадбиркорлик субъектлари фаолияти янада кенгайган. Марказ тингловчилари томонидан ўз фаолиятларини бошлаши ва янада кенгайтириш мақсадида банклардан жами 5,8млрд. сўм кредит маблағлари олинган. Бунинг натижасида 920тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Шу билан бирга, ўқув-курслари тингловчиларидан, ёшларни тадбиркорликка қизиқтириш ҳамда уларни тадбиркорликка кенгроқ жалб қилиш мақсадида, ўқув жараёнига инновациялар киритиш, юқори технологияларни қўллаган ҳолда ўқув-курслари муддатларини узайтириб, “онлайн” тарзида масофавий, узлуксиз ўқитишни ташкил этиш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушмоқда. Шу таклиф ва ташаббуслардан яна бири Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ва “Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази” билан ҳамкорликда тасдиқланган график асосида ўтказилиши белгилаб олинди. Ўқув-курсларнинг биринчи босқичи 2018 йил 17 сентябрдан старт олди ҳамда институт факультетлардан жами 50 нафардан ортиқ талабалар иштироки таъминланди. Ишлаб чиқариш ходимлари ҳамда марказ томонидан тайёрланган дастур асосида мастер-класслар, маърузалар тайёрланиб талабалар эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, юқорида келтирилган интернет сайтлари орқали талабалар онлайн маърузалар тинглаш имкониятига эга бўлишмоқда. Ўқув-курслар давомида талабаларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, муаммолар ва ечимлар, лойиҳа тайёрлаш ва тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳуқуқий маълумотлар, “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси нима эканлиги, жамғарманинг бугунги кундаги имкониятлари, йўналишлари, имтиёзлари, ажратилган маблағлари, банклардан кредит олиш ва расмийлаштириш тўғрисида атрофлича маълумотлар берилмоқда. Фойдали ўқув-курсларда иштирок этиб, дарсларни ўзлаштирган талаба-ёшларга марказнинг махсус имтиёзли сертификатлари топширилади. Фойдали ўқув-курслар давом этади, барча факультетлардан фаол бўлишини сўраб, талаба-ёшларни чорлаб қоламиз. Марҳамат, институт раҳбарияти сиз учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб бермоқда, фаол бўлинг, азиз талабалар.
Институт ёшлар иттифоқи етакчиси Акмал Бердимуродов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов